Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi
MEROS
MADANIY MEROS
Farg'ona viloyat hokimligi

ЖАМИЯТДА ЗУЛМГА ЎРИН ЙЎҚ.

×

 2023-09-22 08:35:31    247

PDF yuklash
Chop etish


Бугунги кунда бутун дунёда қийноқлар ва зўравонликка барҳам бериш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу вазифани ўз зиммасига олган, шахсни қийноқ ва бошқа шафқатсиз ғайриинсоний муомаладан муносиб ҳимоя қилиш мақсадида қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.      Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога қарши Конвенциянинг қабул қилинганлиги бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур Конвенциянинг бажарилишини назорат қилувчи Қийноқларга қарши қўмита давлатлардаги инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликка тортиш, қийноқлар ҳақидаги хабарларни тизимли равишда текшириш ва ушбу жиноятни тўхтатиш ҳамда уни олдини олиш вазифасини бажаради.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йилда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – бизнес омбудсман, 2020 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мазкур йўналишда қўйилган яна муҳим қадам бўлишига қарамасдан, 2017 йилда мамлакатда қийнаш учун 41 та шахсга нисбатан 35 та жиноят иши, 2018 йилда 48 та шахсга нисбатан 37 та жиноят иши, 2019 йилда 24 та шахсга нисбатан 14 та жиноят иши, 2020 йилда 26 та шахсга нисбатан 21 та жиноят иши, 2021 йилда 30 та жиноят иши бўйича 33 та шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилгани мазкур жиноятларнинг динамикаси ўсиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Айни дамда қийнашнинг латентлик даражаси жуда юқори бўлиб, жиноятга оид махсус статистик маълумотлар ҳақиқий ҳолатни акс эттира олмаётганлиги вазиятни янада чигаллаштиради.

Оилада, маиший ҳаётда содир бўлаётган зўравонлик ва қийнашнинг ошиб бораётгани жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу соҳада ҳуқуқбузарликка қарши курашишни кучайтириш ҳақидаги фикр ва таклифлари эътиборга олиниб, 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, маъмурий жавобгарлик ва жиноят кодексларига янги “Оилавий (маиший) зўравонлик”-деб номланувчи нормалар киритилди. Қонун талабига мувофиқ, оилада, аёлларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш каби ҳаракатлар учун айнан юқоридаги нормалар орқали жавобгарликка тортиш белгиланди.

Янги қонуннинг қабул қилиниши, юртимизда ушбу соҳада олиб борилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида “Жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли” экани баён этилган эди.

Айнан шу қонунда, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат эканлигига ҳам тушунтириш берилган ва ИИБ профилактика инспекторлари томонидан ҳимоя ордери бериш орқали хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш амалга оширилиши, жабрланган шахсни махсус марказга жойлаштириш унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилиши, зарурат бўлган тақдирда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилиши, махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига нисбатан хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шартлиги кўрсатилган.

Юқоридаги қонун асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 октябрдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 625-сон қарори 6-бандида, соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги филиаллари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки қийноқларга қарши кураш Республика маркази ёхуд унинг ҳудудий марказларига содир этилган зўрлик ва қийнаш ҳамда ундан жабрланганлар ҳақида хабар бериши, шунингдек, бундай марказлар борлиги ҳақида жабрланганларни хабардор қилиши лозимлигини белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 октябрдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни риабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 625-сон қарори билан тасдиқланган хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 6 ва 12-бандларида, ўз жонига қасд қилиш кўп бўлган ҳудудларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган (зўравонликни бошидан кечирган, яқин одамини йўқотган ва бошқалар) хотин-қизлар ва ёшлар учун махсус хизматлар фаолиятини ташкил этиш ва уларга манзилли ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳудудларда муаммоли оилаларга ҳаётий тажрибага эга бўлган обрўли кекса авлод вакилларини бириктириш ва шу орқали оилалардаги ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Юқоридаги қонунларнинг жорий этилиши, жамиятда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, улар томонидан ўз жонига қасд қилишни олдини олишга, содир этилаётган қонунбузилиш ва жиноятларни тўғри квалификация қилишга, қийнаш ва зўравонлик содир этган шахсларни тегишли тартибда жазога тортиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда давлат органларининг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини ташкил этишга хизмат қилади.

 

Нодир Саломов,  

 

Жиноят ишлари бўйича

Бешариқ тумани судининг судьяси