Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 17 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi
MEROS
MADANIY MEROS
Farg'ona viloyat hokimligi

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

×

 2024-02-06 08:59:10    155

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадлар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия вазирлиги ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари (кейинги ўринларда – маҳаллий Кенгашлар) томонидан ишлаб чиқилган:

Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат ва функциялари 2-иловага мувофиқ;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2024 йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва унда қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутиш тавсия этилсин:

маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш, самарали назорат тизимини шакллантириш;

маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатига таклифлар киритиш механизмини белгилаш;

маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш;

маҳаллий Кенгашлар қарорларини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш;

маҳаллий Кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш;

маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, бюрократияга қарши чораларни белгилаш.

4. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга хорижий давлатларнинг етакчи экспертларини жалб қилсин ҳамда илғор халқаро тажрибани ўрганиш учун хизмат ва ўқув сафарларини ташкил этсин.

5. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда мазкур Фармонга 3-иловага мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига киритсин.

Адлия вазирлиги вазирлик ва идоралар таклифлари асосида уч ой муддатда тегишли қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, ушбу лойиҳаларнинг жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ҳамда нормаларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан танқидий кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига икки ой муддатда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид ўз қарорларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда тизимлаштириш тавсия этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига:

2024 йил 1 июлга қадар маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, вазифалари ва функцияларининг реестрини ишлаб чиқиш ва юритиш;

маҳаллий Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ягона амалиётни жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

Адлия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини тизимли ташкил этиш тавсия этилсин.

8. Давлат активларини бошқариш агентлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар:

маҳаллий Кенгашлар биноларининг жорий ҳолатини хатловдан ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техник жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқсин;

2024 йил 1 октябрга қадар халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, 2025 йил 1 декабрга қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун белгиланган минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино (ишчи хоналар) билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

10. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ушбу Фармоннинг 1-2-иловаларида назарда тутилган таклифларни рўёбга чиқариш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисида;

ушбу Фармондан келиб чиқадиган бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.

11. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ