Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш: ҳуқуқий асослар ва миллий қадриятларга муносабат
2025-01-24 13:53:23 20
Оила – жамиятнинг асоси, унда маънавий қадриятлар, меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат устувор ҳисобланади. Ўзбекистонда оила институтлари миллий маънавий қадриятларга асосланган бўлиб, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар энг муҳим масалалардан бири сифатида қаралади. Бироқ, қонунчиликда белгиланган ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси шарқона қадриятларимиз билан қанчалик мос келишини таҳлил қилиш ўринлидир.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида аниқ тартибда белгиланган. Бу жараён асосан боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади. Қуйидаги ҳолатларда ота ёки она ушбу ҳуқуқдан маҳрум қилиниши мумкин:
Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:
ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Бу ҳолатларда давлат боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи ўринга қўяди. Миллий қадриятларимизда оила муқаддас деб қаралади. Ота-она бола учун нафақат ҳаёт манбаи, балки маънавий тарбиячи ҳамдир. Шу сабабли, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби қадам кўплаб маънавий саволларни туғдиради:
Шарқ халқлари учун бағрикенглик, кечиримлилик ва муносабатларни яхшилаш асосий тамойиллардан бири ҳисобланади. Ота ёки онанинг хатоси бор бўлса, уни тузатиш имкониятини бериш маънавий қадриятларимизга мос келади.
Болалар ва ота-она ўртасидаги узилиш жамиятдаги маънавий алоқаларга салбий таъсир кўрсатади. Оилавий муҳитда юзага келган муаммоларни оила ичида ҳал қилиш шарқона анъаналаримизга мувофиқдир.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш қонуний жиҳатдан зарур ҳолларда қўлланиладиган чора бўлишига қарамай, шарқона анъаналар ва маънавий қадриятлар нуқтаи назаридан бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш талаб этилади. Миллий маданият ва ҳуқуқий нормалар ўртасидаги мувозанат боланинг келажагини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди раиси Элёржон Исмоилов