Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi
MEROS
MADANIY MEROS
Farg'ona viloyat hokimligi

Суд тизимидаги ўзгаришлар

×

 2023-02-21 17:33:00    345

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини қайд этди.

Шу муносабат билан 2023 йил 16 январь куни Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.

Мазкур тарихий ҳужжатларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Шунингдек, ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.

Жумладан, уларга кўра, тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида “Хабеас корпус” институти амалиётга янада кенгроқ жорий этилади.

Шу сабабли Стратегияда келгусида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, тарафларнинг ташаббусига кўра, тайинланган эҳтиёт чорасини суд томонидан юқори қийматда (жумладан, етказилган зарарга нисбатан) гаров эҳтиёт чорасига алмаштириш тартибини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Фармонга асосан эндиликда самарали йўналиш сифатида низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан янада кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Хусусан, медиация институтини қўллаш доирасини кенгайтириш ва низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган фуқаролик ишлари тоифасини кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрланади.

Фармонга мувофиқ суд жараёнида айбловни фақат қонунга асосланиб, холис ва сифатли қувватлаш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда тергов ходимларининг амалий кўникмаларини оширишга кўмаклашиш мақсадида Бош прокуратура, вилоят, туман прокуратураларидаги тегишли бўлимлар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланмоқда.

Бунда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан, Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланади.

Яна бир муҳим масала, судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш мақсадида мураккаблигига кўра, ихтисос­лашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисос­лаштирилган судьялар корпуси шакллантирилади.

Бу эса, ушбу тоифадаги ишларни малакали судьялар томонидан сифатли кўрилишини ва ягона суд амалиёти шакллантирилишини таъминлайди.

Маълумки, давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қилаётган маъмурий судлар фуқаролар, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.

Шунингдек, Фармон билан тасдиқланган Ҳаракатлар дастурида суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш каби муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланди

Албатта, ҳар қандай жамиятда адолат мезони – фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир.

Адолат эса, фақат мустақил суд ҳокимияти томонидан таъминланади.

Бу борада Фармонда одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда.

Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Хорижий амалиётга кўра, бундай нормалар Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлар қонунчилигида мавжуд.

Амалиётда судга босим ўтказилаётгани, судьянинг дахлсизлигига таҳдид қилингани, судьянинг ишига аралашишга ҳаракат қилингани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинса-да, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ҳолати бўйича юритилган жиноят ишлари ҳақида кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор қилинмайди.

Шу муносабат билан одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартиби жорий этилиши белгилангани судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Бундан ташқари Стратегияда келгуси йилларда ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш мақсади белгиланди. Бу эса, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, судьялар ҳамжамияти органларини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам яқин истиқболдаги устувор вазифалар бўлади.

Судьялар ҳамжамияти органларининг вазифалари, функциялари, ваколатлари ва уларнинг фаолияти механизмларини тартибга солувчи “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришда судьяларнинг роли ва ўрнини белгилаш мақсадида унинг бир қисмини судьялар томонидан сайлаш тартиби жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Президентимизнинг “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш ҳамда айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш борасида асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифалари ҳамда бир қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар белгиланди.

Ушбу янги механизмларни жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлашга эришиш кўзда тутилган.

Мазкур Фармонларда белгиланган муҳим вазифаларни ҳаётга тадбиқ этилиши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд ишларини юритишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

 

 

ЖИБ Бешариқ туман судининг раиси О.Хасанов ва судьяси Н.Саломов