Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳукм “шартли” бўладими?
2024-12-06 13:30:56 46
Ҳукм “шартли” бўладими?Маълумки, шартли ҳукм қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасида айбдорни жазодан озод қилишнинг алоҳида тури сифатида миллий жиноят қонунида белгиланган.Шартли ҳукм қилиш тушунчаси, мазмун-моҳияти нисбатан ёндашувлар турлича. Масалан, шартли ҳукм қилиш жазони ижро этишни кечиктириш деб эътироф этиладиган бўлса, уни амалга ошириш масалалари жиноят-процессуал қонуни билан тартибга солиниши лозим.Маълумки, суд айблов ҳукмини чиқараётганда айбдор шахс “шартли” ҳукм қилинмайди, қоида тариқасида, доим ҳукм эълон қилиниб жазо тайинланади. Шундан сўнг маҳкумга нисбатан жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқарилади. Бунда унинг шартли ҳукм қилиш моҳияти суднинг айблов ҳукмини чиқариб маҳкумга муайян жазо турини тайинлаш ва унинг ҳажмини белгилаш, бироқ тайинланган жазони шартли деб ҳисоблашида ифодаланади.Суд Ўзбекистон Республикаси ЖК 72-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган чоралардан бирини тайинлагач, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келиши лозим ва бу ҳолда у тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилади.Бунда шартли ҳукм қилишни қўллаш асосларини таҳлил қилиш ҳам мақсадга мувофиқ. Жиноят қонунига кўра агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин.Жиноят ҳуқуқини қўллаш амалиёти шартли ҳукм қилишнинг ягона асоси – суд маҳкум тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келишида кўринади. Бироқ, айрим олимлар шартли ҳукм қилишни қўллаш имкониятини судья объектив омилларни ҳисобга олмасдан ўз ихтиёрига кўра ҳал қилиши эса қонунсизлик ва суднинг ўзбошимчалигига олиб келиши муқаррарлигини таъкидлайди. Негаки, шартли ҳукм қилишни қўллашда суднинг аҳамиятини ҳисобга олмаслик мумкин эмас, чунки жиноятчини ахлоқан тузатиш ва ижтимоий адолатни тиклаш мақсадларига тўла мос келадиган жиноят-ҳуқуқий таъсир чорасини танлаш тўғрисидаги масалани айнан у ҳал қилади.Шартли ҳукм қилишда синов муддати ва унинг давомлилиги масаласи ҳам анча мунозарали. Қонунга мувофиқ, суд шартли ҳукм тайинлаш вақтида синов муддатини белгилайди ва шартли ҳукм қилинган шахс ушбу муддат мобайнида ахлоқан тузалганини исбот қилиши лозим. Синов муддатининг моҳияти шу билан белгиланадики, суд томонидан белгиланган вақт мобайнида маҳкум ўзининг ахлоқан тузалганини исботлаши, ўзига юкланган мажбуриятларни виждонан бажариши ва янги жиноят содир этмаслиги керак. Синов муддати давомийлигига шартли ҳукмни кузатиб борувчи мажбурлов ҳажми ҳам боғлиқ (муайян мажбуриятлар, судланганлик ҳолати, ҳуқуқбузарлик содир этилганда шартли ҳукм реал жазога алмаштирилиши мумкин ва шартли ҳукм муддати даврида содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан шартли тайинланган жазо қисман ёки тўла қўшиш йўли билан суд томонидан амалга оширилади).Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси ЖК 72-моддасининг матнидан синов муддати суд айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келган ҳолда белгиланади. Синов муддати даврида шартли ҳукм қилинган шахс ўз хулқ-атвори билан жазонинг мақсадларига уни амалда қўлламасдан ҳам эришилганини исбот қилиши лозим, бунда шартли ҳукм қилишни тайинлашнинг асослилигини текшириш шартли ҳукм қилинганга юкланган мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш йўли билан амалга оширилади.
Таҳлил этилаётган шартли ҳукмнинг синов муддати мобайнида маҳкумга нисбатан қўйиладиган талаблар масаласи ҳам баҳсли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 72-моддасига мувофиқ, шахсга шартли ҳукм тайинлашда суд томонидан белгиланадиган синов муддатининг давомлилиги, пировард натижада, маҳкумнинг ахлоқан тузалиш даражасига боғлиқ бўлади. Бироқ, бу ерда синов муддатининг ўзи эмас, балки унинг давлат мажбурлови чоралари сифатида амал қилиб, шартли ҳукм қилинганнинг ахлоқан тузалиши ва ижтимоий адолатни тиклаш мақсадларини амалга оширишга кўмаклашадиган шартлари рўйхати муҳимдир.Хулоса қиладиган бўлсак, шартли равишда тайинланадиган жазолар рўйхатини кенгайтириш маҳкумга унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини жиддий чекламасдан ахлоқан тузалиш имконини беради, шу тариқа жазонинг мақсадларига эришиш учун имконият яратади.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди судьяси Б.Холматов