Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қонунчилик нормаларига ва шартнома шартларига риоя қилинг!
2025-01-24 13:52:00 20
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда кредит, микроқарз ва бошқа қарздорликларни ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш, кредит ва пул маблағлари ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун фоиз ҳисоблаб ундириш ишлари кўп кўриладиган ишлар тоифасига киради.
Бироқ ушбу фуқаролик ишларини кўриш жараёнида тарафлар ҳар доим ҳам амалдаги фуқаролик қонунчилиги талабларига ва шартномада белгиланган нормаларга риоя этмасдан судга мурожаат қилганлиги ҳолатлари учраб туради.
Ҳозирги кунда тижорат банклари ва бошқа кўплаб кредит ташкилотлари томонидан фуқароларга, юридик шахсларга, тадбиркорлик субъектларига пул маблағларини ажратиш ва уларни қайтарилишида муаммолар учраётганлиги сабабли ушбу ҳолатларга эътибор қаратишни лозим топдик.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.
Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Ушбу қонун талабидан кўринадики, қарз беруви ёки кредитор судга мурожаат қилишдан аввал қарздорни тегишли тартибда огоҳлантириши ҳамда қарзни қайтариш тўғрисидаги талабини қўйиши керак. Агар қарздор томонидан талабномада белгиланган муддатларда қарз маблағини қайтариш чора-тадбирлари кўрилмаган бўлса, қарз берувчи томонидан агар шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, даъво тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
Бунда шуни назарда тутиш керакки, қарз шартномаси ёки тилхатда пулни қайтариш муддати белгиланган бўлса, судга мурожаат қилишда ушбу муддатга ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади.
Фуқаролик кодексининг 234, 236-моддаларига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Юқоридаги қонун талабига кўра, қарздор ўз зиммасидаги мажбуриятини белгиланган муддатда бажаришга мажбур бўлса, қарз берувчи ҳам судларга мурожаат қилишда шартномада белгиланган огоҳлантириш ва талабнома юбориш шартларини бажаришга мажбурдир.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддасида даъвогар томонидан низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, суд томонидан аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келиши белгиланган.
Юқоридагилардан кўринадики, қонунчилик талабларига ва шартнома шартларига риоя қилиш шартнома иштирокчиларининг ҳуқуқини судлар томонидан самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди ҳамда уларнинг вақти ва маблағларини тежалишига замин яратади.
Фарғона вилоят судининг фуқаролик
ишлари бўйича судьяси: Н.Эгамов