Maxsus imkoniyatlar

Ekran o’lchami

50 %

Shrift o’lchami

50 %
Saytni baholash
309
49
Sayt test rejimida ishlamoqda...

22026-05-06 10:05

Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг барча йўналишларига ижобий таъсир кўрсатиб, халқимизнинг турмуш сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда Бугунги кунда ҳотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилган турли хил зўравонлик ҳолатларига қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларни олдини олишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болаларни ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши жамиятнинг гавҳари ҳисобланган ҳотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш борасидаги янада мустаҳкам пойдевор яратилишига хизмат қилади. Хусусан, Фармонда норматив янгиликлар, уларнинг миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашдаги роли, аёллар ва болалар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришдаги аниқ механизмлар белгиланиб, унда эрта никоҳнинг тизимли равишда олдини олиш, рақамли ҳимоя воситаларини жорий этиш, ёшларнинг мустақил ҳаёт қуришини рағбатлантириш, замонавий жиноят таркибларини миллий ҳуқуққа киритиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш орқали Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши муҳим аҳамиятга эга. Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган (18 ёшдан кичик) шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришишни, яъни расмийлаштирилмаган “эрта никоҳ”ни тўхтатишга эришиш мақсади белгиланиб, бунда эрта никоҳ нафақат қиз болаларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди, балки соғлиқ учун ҳам жиддий хавф туғдириши, эрта ҳомиладорлик ўсмирлар орасида ўлимнинг асосий сабабларидан бири эканлиги инобатга олинган. Мазкур ҳужжат билан молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни давлат томонидан рағбатлантириш орқали 21 ёшда биринчи маротаба никоҳ тузган жуфтликлар учун қўшимча имтиёзлар белгилаб берилмоқда, шунингдек, зўравонликка қарши тизимни мукаммаллаштириш мақсадида аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин қисқартириш, жабрдийдаларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, оила ва хотин-қизларни “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш кабилар назарда тутилмоқда. Жумладан, никоҳланувчи ҳар иккала тараф камида 21 ёшда биринчи никоҳ тузган оилаларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилиб, унда давлат томонидан солиқ, ижтимоий, молиявий соҳаларда қўшимча имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, ижтимоий реестрга киритилган 21 ёшдан кейин никоҳ тузган оилаларга субсидия, ссуда ва грантлар қонунчиликда белгиланган миқдорлардан 1,5 баравар кўп берилиши, никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш орқали иқтисодий низоларни олдини олиш ва ажралиш чоғида мулкий можароларни кескин камайтириш, аёлларнинг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, аёлларни молиявий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг самарали воситаси сифатида никоҳ шартномаси тузган никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда. Шунингдек фармонда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбиячиларига олий таълимни давом эттириши учун курсдан қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони берилмоқда, аёлларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳомиладор талабаларга академик таътил даврида масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имконияти яратилиши таклиф этилмоқда. Фармонда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларини яшириб қолмаслик ва латентлигини олдини олиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар), ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора вакилларига мажбурий хабар бериш вазифаси юклатилиб, ушбу органлар ва шахслар хабар бермаган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилиши асос сифатида белгиланмоқда. Фармоннинг яна бир асосий жиҳатларидан бири тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш йўналиши бўйича қуйидагилар назарда тутилмоқда: – ҳимоя ордери тизимини технологик воситалар билан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига «my.ihma.uz» мобил иловасини уларнинг розилиги билан ўрнатиш орқали «SOS» тугмасида зудлик билан хабар бериш имкониятини бериш; – масъул идоралар томонидан руҳий бузилиш белгилари мавжуд зўравонлик содир этган шахсни мажбурий амбулатор психиатрик кўрикдан ўтказиш ва руҳий бузилиш аниқланган тақдирда тиббий муассасага жойлаштириш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш; – ишларнинг ўта нозиклиги ва жабрдийда ҳуқуқларини мустаҳкамроқ таъминлаш, объективлик, одиллик нуқтаи назаридан ва ихтисослашган ёндашув зарурати туфайли 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118, 119, 121, 128, 1281, 129 моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш тартибини белгилаш; – вояга етмаган шахсга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий иш ҳужжатларини прокурор томонидан жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг судга юбориш тартибини белгилаш; – бу тоифадаги жиноятларни қайта содир этиш (рецидив) хавфини минималлаштириш учун Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш ва педофилия жиноятини содир этган шахсларни психологик реабилитациясиз жамиятга қайтариш улар томонидан жиноятни такроран содир этиш эҳтимолини оширишини инобатга олган холда ушбу жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан сақлаш шартларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш; – вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар томонидан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаш; – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш; – аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш; Умуман олганда, мазкур Фармон аёллар, болалар ҳуқуқий ҳимояси соҳасида тарихимиздаги кенг кўламли ва комплекс норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий базасини янги босқичга кўтаради. Пировардида, аёллар ва болалар дахлсизлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини давлат сиёсатининг марказида туришини таъминлашга хизмат қилади. Фарғона вилоят суди судьяси У.Хўжақулов

Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!

Tavsiya etamiz