СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда суд тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судловнинг очиқлиги ва халқчиллигини таъминлаш, рақамлаштириш орқали фуқаролар ҳамда юридик шахсларга қулайлик яратиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Шу муаммоларга барҳам бериш, судлар фаолиятини шаффоф, тезкор ва фуқаролар учун енгиллик яратиш мақсадида Президентимизнинг 2025 йил 21 августда икки муҳим ҳужжати қабул қилинди: ПФ–140-сон Фармон – “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”; ПФ–141-сон Фармон – “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”. Фармоннинг асосий мақсадлари — суд ишларини қоғоз шаклидан воз кечиб, “Рақамли суд” концепцияси асосида тўлиқ электрон шаклга ўтказиш; — фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кўпайтириш; — сунъий интеллект орқали суд харажатларини ҳисоблаш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш ва мажлис баённомаларини реал вақтда юритиш; — суд ҳужжатлари архивини яратиш ҳамда электрон реестрларни шакллантириш; — судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш; — суд биноларини замонавий талабларга мос равишда қуриш ва жиҳозлаш. Амалга ошириладиган чора-тадбирлар 2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича “Рақамли суд” заллари ташкил этилади; 2025–2027 йилларда суд тизимини рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш дастури амалга оширилади; 2025 йил 1 декабрдан ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади; 2026 йил 1 январдан интерактив хизматлар порталининг янги имкониятлари – сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи фаолияти йўлга қўйилади; 2026 йил якунига қадар янги интерактив хизматлар ишлаб чиқилади, “Шахсий кабинет” платформасининг такомиллаштирилган версияси яратилади; иқтисодий судлар тизими мақбуллаштирилиб, ҳудудларда туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилади; 2025–2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича махсус дастур амалга оширилади. Эндиликда “Рақамли суд” тушунчаси ҳаётимизга кириб келади. Яъни судга ариза электрон тарзда юборилади. Суд мажлисларида уйдан чиқмаган ҳолда, масофадан иштирок этиш, ҳужжатлар билан электрон равишда танишиш мумкин. Суд харажатлари онлайн ҳисобланади ва тўланади. Суд баённомалари автоматик тарзда тайёрланади ва сунъий интеллект ёрдамида суд қарорларининг лойиҳаси шакллантирилади. 2025 йил якунига қадар “Рақамли суд” тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида йўлга қўйилади. Бу ерда фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича суд мажлислари янги форматда ўтказилади. 2026-2027 йилларда эса республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади. Фармонда жорий этиладиган хизматлар орасида бир қатор қулайликлар назарда тутилган. Жумладан, судга мурожаат қилишдан аввал сунъий интеллект сизга суднинг эҳтимолий қарори ва харажатларини тахмин қилиб беради. “my.sud.uz” портали орқали виртуал маслаҳатчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Суд ҳужжатларини электрон кўринишда олиш, жавобни онлайн кузатиш имкони яратилади. Шунингдек, суд йиғилишларида иштирок этувчилар уйидан чиқмаган ҳолда платформалар орқали қатнашади. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, адолатни тез ва шаффоф етказиш, фуқароларнинг ишончини оширишга қаратилган ушбу фармон сунъий интеллект воситаси, ахборот технологиялари бугун фақат замонавийлик эмас, балки адолатга тезроқ етказувчи восита ҳам эканлигини кўрсатмоқда. Яъни энди судга бориш учун қоғозбозлик, сарсон бўлиш, адвокат тополмай овора бўлиш даври тугайди. Ҳаммасини смартфон ёки компьютер орқали ҳал қилиш мумкин бўлади. “Рақамли суд” фақат техник лойиҳа эмас – бу янги юз, янги нафас, янги ҳуқуқий маданиятдир. Қабул қилинган Фармонлар суд-ҳуқуқ соҳасини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш, суд жараёнларини шаффоф ва самарали ташкил этиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади. Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг раиси О.Хасанов, Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг тергов судьяси У.Меҳмоналиев
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!










